13:12 / 20.05.2024
14624

Тошкент вилояти ҳокимига янги биринчи ўринбосар тайинланди

Оҳангарон тумани ҳокими вилоят ҳокимига ўринбосарликка ўтди, туманга янги раҳбар тайинланди.

Эркин Мадорбекович Муҳиддинов Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Эркин Муҳиддинов 1976 йили Андижон вилояти Андижон шаҳрида туғилган.  Маълумоти олий, 1997 йили Андижон иқтисодиёт бошқарув институти, 2000 йили Банк-молия академияси, 2007 йилда Ривожланаётган иқтисодиётлар институти олий мактабини (Япония) тамомлаган.

У муқаддам камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари лавозимида ишлаган, 2023 йил августида Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

У янги лавозимда Абдурасул Абдуллаевнинг ўрнини эгаллади. Муқаддам Оҳангарон тумани ҳокими бўлган Абдуллаев 2023 йил августидан буён вилоят ҳокими ўринбосари эди

Ўз навбатида, Муҳиддинов ўрнига Дониёр Мадиримов Оҳангарон тумани ҳокими этиб тайинланди.

Дониёр Маматсалиевич Мадиримов 1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 1999 йил Ўзбекистон Миллий университети, 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.  

Д.Мадиримов фаолияти давомида Тошкент шаҳар Статистика бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасида бўлим бошлиғи, Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг ўринбосари, Тошкент вилояти ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо иқтисодий бошқармаси бошлиғи, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи сингари масъул лавозимларда ишлаган.

Тайинловга қадар Тошкент вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимида фаолият юритаётган эди.

Top